Мен Ислом Абдуғаниевич билан илк бор Бўка воқеалари асносида танишганман. Ўша пайтда Тошкент вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари бўлиб ишлар эдим. 1990 йил 17 февраль куни Бўка туманида миллатлараро низо чиқиб, вазият соат сайин оғирлаша бошлади.
Ана шундай хавфли ва ўта қалтис бир шароитда туманга етиб келган Ислом Абдуғаниевич минглаб норози одамлар ичига кириб боргани ҳозир ҳам кўз олдимда турибди. Дастлаб босиқ овозда оломонни тинчлантиришга ҳаракат қилди, лекин ҳеч ким бир-бирини эшитмас, ҳамма шовқин-сурон солар эди. Шу пайт Ислом Абдуғаниевич четроқда турган оқ от жиловидан тутиб, чаққонлик билан отга минди-ю, жиловни маҳкам тутди. Баланд оқ отда одамлар орасидан ёриб ўтиб, жазавага тушган оломоннинг қоқ ўртасига келдилар. Қўлида радиокарнай тутиб, савол бердилар: «Қани, айтинглар, қайси яхши раҳбар ўз халқига қарши қурол ишлатади? Шундоқ ҳам «ўзбеклар иши», «пахта иши», «рашидовчилик» каби бўҳтонлар билан дунёга шарманда бўлдик. Биламан, мамлакат жар ёқасида турибди, ишонинглар, бундай оғир аҳволдан мана бундай ур-йиқит билан чиқиб кетиб бўладими?..»
Сўнг кескин ўгирилиб, шу ерда турган Ички ишлар вазирлиги раҳбарларига қараб қатъий кўрсатма берди: «Нега оддий халқ қаршисига қурол кўтариб чиқдиларинг, мен биринчи раҳбар эканман, бундай калтабинликка ҳеч қачон йўл қўймайман. Бу ердан ҳарбийларни дарҳол олиб чиқиб кетинглар. Муаммони одамлар билан бамаслаҳат ҳал қиламиз».
Катта фалокатнинг олди олинди…
Ўшанда Ислом акадаги адолат, мардлик ва довюракликка қойил қолганман. У кишининг Ватан, халқ озодлиги ва тинчлиги йўлида керак бўлса, ўлимга ҳам киприк қоқмасдан тик қарашига ҳар қандай ҳарбий ҳам ҳавас қилиши мумкин эди. Биринчи учрашув – Бўка воқеаларидаёқ Ислом Каримов сиймоси менинг кўз ўнгимда ҳаёт тегирмонида чиниққан, оддий одамларнинг дилини била оладиган, тилини топа оладиган, мураккаб синовларда тобланган Йўлбошчи сифатида гавдаланган эди.
Мустақилликнинг илк йилларида мен Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари вазифасига энди тайинланган кунларим эди. Турли жиноий тузилмалар, тўдалар анча фаоллашиб қолган, «кўча одамлари», «мафия» каби иборалар одамлар юрагига ваҳима ва қўрқув солар, энг ёмони – машина ўғирлаш ҳолатлари жуда кўпайган эди.
Ислом Абдуғаниевич бир куни шаҳар ички ишлар бошқармаси бошлиғи ва мени ҳузурларига чақириб, бу борадаги вазиятни тезда изга солиш, шаҳарда қатъий тартиб ўрнатиш вазифасини олдимизга аниқ қилиб қўйди. У киши ўшанда «Оддий одамлар йиллар давомида меҳнат қилиб, емасдан-ичмасдан, болаларининг насибасидан қийиб, пул йиғиб, машина сотиб олса-ю, бир марта Тошкентга келиб уни ўғирлатиб қўйса!..» Биз бу иллатнинг илдизини батамом кесишимиз зарур, давлат ўзининг ҳақиқий давлат эканини кўрсатиши керак», деган эдилар. Кўп ўтмай барчаси изга тушди. Машина ўғриларининг бошида туриб, уларга раҳнамолик қилган кимсалар қўлга олиниб, жавобгарликка тортилди. Одамлар эмин-эркин кўчага чиқадиган бўлди…
Шу-шу, Ислом аканинг адолат, давлатда тартиб-интизомни қаттиқ ушлаш, халқни зўравонларга ҳеч қачон хор қилдириб қўймаслик ҳақидаги фикрлари ва талабларини ҳаётим ва фаолиятимнинг асосий мезони, деб билиб келаман.
ТУРСУНХОН ХУДОЙБЕРГЕНОВ,
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси