Ислом Абдуғаниевич республикамизда миллатлараро тотувлик, тинчлик ва барқарорликни сақлай олган, мустақил Ўзбекистонимизнинг тамал тошини қўйган, мамлакатимиз халқаро майдонда ўзининг муносиб ўрнини эгаллашида фидойилик кўрсатган серқирра фаолият соҳиби, оқил ва донишманд давлат раҳбари эди.
Замондошлари ўз хотираларида шаҳодат беришганидек, Ислом Абдуғаниевич бутун умр закийлик, самимийлик, инсонпарварлик, олижаноблик, донишмандлик ва халқпарварлик фазилатларига ошно яшнади.
Мамлакатимизга, шахсан менга ва Фондимизга кўнгилга далда бўлувчи илиқ сўзлар битилган, Биринчи Президентимизнинг буюк хизматлари эътироф этилган, шунингдек, хотиралар баён қилинган кўплаб мактублар келди.
Уларнинг муаллифлари – Ислом Абдуғаниевичнинг порлоқ хотирасига ҳурмат бажо этишни ният қилган давлат ва ҳукумат раҳбарлари, нуфузли халқаро ташкилотлар вакиллари ҳамда оддий юртдошларимиздир. Шу аснода кенг ўқувчилар оммаси танишсин деган хайрли мақсадда эътироф-бағишловларни яхлит китоб ҳолида чоп этиш ғояси туғилди.
Ушбу тўпламдан хорижлик ҳамда мамлакатимизнинг давлат ва сиёсат арбоблари, фан, маданият ҳамда санъат намояндалари, турли ёш, турфа касбкор эгалари, ватандошларимиз, шунингдек, Биринчи Президентимиз билан узоқ йиллар ёнма-ён фаолият юритган инсонларнинг дил сўзлари ўрин олган.
Сирасини айтганда, китобда Ислом Абдуғаниевич билан боғлиқ унутилмас воқеалар, ҳаётий ҳикоялар ва самимий ёдномалар жамланган.
Ўқувчилар эътиборига Ислом Каримов ҳаёти ва фаолияти – болалиги, таҳсил йиллари ва турли лавозимларда ишлаган кезлари ҳақида ҳикоя қилувчи фото-суратлар ҳавола этилган. Тарихий суратларда Ўзбекистоннинг мустақил давлат сифатида шаклланишида Ислом Каримовнинг беқиёс ўрнини кўриш мумкин. Улар орасида Ислом Абдуғаниевичнинг мамлакатимиз тақдирида туб бурилиш ясаган муҳим чиқишлари, республикамизда Биринчи Президентга мерос қолган мураккаб аҳвол ўз инъикосини топган фотосуратлар бор. Шунингдек, суратларда озод, обод ва мутараққий давлат бунёд этиш йўлидаги кенг кўламли тадрижий ислоҳотлар ёрқин акс этган.
Мустақил Ўзбекистон давлати асосчисининг серқирра шахсияти ва фаолияти келгусида ҳали кўп тадқиқ этилади. Зеро, йиллар, замонлар ўтган сари Биринчи Президентимизнинг тарихий шахсияти ҳамда суверен мамлакатимиз келажагини бунёд этиш борасидаги улкан ишларга қўшган ҳиссасининг кўлами ва аҳамиятини янада кенгроқ, теранроқ англаш мумкин бўлади.
Фурсатдан фойдаланиб, Ислом Абдуғаниевич хотирасини қадрлашга ва абадийлаштиришга алоҳида эътибор қаратаётгани, Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг меросини ҳар томонлама ўрганиш мақсадида Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасини ташкил этгани учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевга самимий миннатдорлигимни изҳор этаман.
Ислом Абдуғаниевичнинг порлоқ хотирасига эҳтиром рамзи бўлган эзгу сўзлари, самимий эътирофлари учун барча инсонларга ташаккур билдираман.
Ушбу китобнинг давоми борлиги ҳамда у Ўзбекистоннинг келажак авлодлари учун Ватанни чексиз меҳр ва садоқат билан севишнинг гўзал намунаси бўлиб қолишига умид қиламан.
ТАТЬЯНА КАРИМОВА,
лойиҳа муаллифи, Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фонди Васийлик кенгаши аъзоси