Башариятнинг неча минг йиллик тараққиёт йўлига назар ташлайдиган бўлсак, ҳар қайси халқ ва миллат тақдирида ҳал қилувчи паллаларда мустаҳкам ирода, улкан ақл-заковат ва салоҳиятга эга бўлган шахсларни тарихнинг ўзи майдонга чиқарганини кўрамиз. Айнан ана шундай буюк зотлар, уларнинг жасорати ва матонати, азму шижоати туфайли давлатлар ва халқлар не-не оғир ва мураккаб синовлардан ёруғ юз билан ўтиб, ўзининг эзгу мақсад-муддаоларига эришганига гувоҳ бўламиз.

Вақт ва ҳаётнинг ўзи Ислом Абдуғаниевич Каримов замонамизнинг етук сиёсатчиси, дунёда ва турли минтақаларда юз бераётган ўта мураккаб воқеа-ҳодисаларнинг моҳиятини давлатчилик нуқтаи назаридан кўра оладиган, ўз юрти ва халқи учун, ҳар бир ватандошимизнинг тақдири учун улкан масъулият туйғусини теран ҳис этадиган атоқли раҳбар эканини ҳар томонлама тасдиқлади.

Миллий тарихимизнинг энг кескин ва таҳликали даврида, турли зиддиятлар авж олган, мамлакатимизда миллатлар ва фуқаролар ўртасида уруш хавфи юзага келиб, иқтисодиёт оғир аҳволга тушиб қолган, мухтасар айтганда, эски тузумнинг умри тугаб, янги замон бошланаётган бир пайтда Ислом Абдуғаниевичнинг Ўзбекистон раҳбари этиб сайланиши Яратганнинг халқимизга бебаҳо марҳамати бўлган эди.

Буюк Юртбошимиз ана шундай ўта мураккаб шароитда республикамиздаги қалтис ва таҳликали вазиятни ўнглаш, ижтимоий адолатни тиклаш, одамлар кўнглида келажакка ишонч уйғотиш  мақсадида мисли кўрилмаган ғайрат-шижоат билан оқилона сиёсат олиб борди. Ва том маънодаги бу тарихий ислоҳотлар Ўзбекистоннинг, ўзбек халқининг кейинги тақдири ва тараққиётида, ҳеч  шубҳасиз, ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлди.

Биринчи Президентимизнинг стратегик тафаккур салоҳияти, мардона ҳаракатлари туфайли қисқа вақт ичида юртимизда ижтимоий-сиёсий вазият барқарорлашди. Одамларни йиллар давомида қийнаб келган ўткир ижтимоий муаммолар босқичма-босқич ҳал этилди. Энг муҳими, сунъий равишда авж олдирилган низо ва адоватларга барҳам беришга эришилди ва Ўзбекистон бугунги кунда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари ягона оила бўлиб яшаётган тинчлик ва дўстлик диёрига айланди. Кўпни кўрган халқимиз айнан Ислом Абдуғаниевич раҳбарлигида ғоят мураккаб тарихий даврда мамлакатимиз мустақилликка эришганини, миллий давлатчилигимизни тиклаш ва дунё ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллаш, Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ишлаб чиқиш ва амалга татбиқ этиш, ҳаётнинг барча соҳа ва тармоқларини ислоҳ қилиш борасида улкан ютуқларни қўлга киритганини, буларнинг барчаси эркин ва фаровон ҳаётимиз учун мустаҳкам пойдевор бўлиб келаётганини ҳеч қачон унутмайди.

Ҳақиқатан ҳам, ўтган чорак аср давомида жамиятимизнинг барча жабҳаларида ўта муҳим натижаларга эришилди. Бунинг тасдиғини мамлакатимизда кенг кўламли таркибий ислоҳотлар амалга оширилиб, нефть кимёси, кимё, автомобиль саноати, қишлоқ хўжалиги ва темир йўл машинасозлиги, фармацевтика, электротехника, тўқимачилик саноати, замонавий қурилиш материаллари саноати каби юқори технологияларга асосланган, янги индустриал тармоқлар пайдо бўлгани мисолида яққол кўриш мумкин.

Хусусан, мустақиллик йилларида юртимизда Ислом Абдуғаниевичнинг бевосита ташаббуси ва раҳбарлигида Устюрт ва Шўртан газ-кимё мажмуалари, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи, Қўнғирот сода заводи, Деҳқонобод калийли ўғитлар корхонаси, Андижон, Самарқанд, Тошкент, Хоразм вилоятларидаги автомобиль заводлари каби йирик саноат мажмуалари бунёд этилганини таъкидлаш жоиз.

Бу даврда Ўзбекистонда замонавий йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмаларининг ягона ва мустақил миллий тизими яратилди. Унинг таркибида Қамчиқ тоғ довони орқали ўтадиган ноёб туннелни ўз ичига олган Ангрен – Поп темир йўл тармоғи, Тошгузар – Бойсун – Қумқўрғон темир йўли бунёд этилди. Пойтахтимиздан Самарқанд, Қарши ва Бухоро шаҳарларига юқори тезликда ҳаракатланадиган поездлар қатнови йўлга қўйилди.

Юртимиздаги мавжуд халқаро аэропортлар модернизация қилиниб, «Навоий» аэропорти негизида халқаро логистика маркази ташкил этилди.

Ўзбек миллий автомагистралини қуриш ишлари муваффақиятли якунланди.

Ислом Абдуғаниевич мамлакатимизда хусусий мулк, кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш, жумладан, қишлоқ хўжалигида чуқур ўзгаришларни амалга ошириш, бу соҳада янги мулкдорлар синфи – фермерлик ҳаракатини шакллантиришга раҳбарлик қилди. Унинг ташаббуси билан қишлоқларимиз қиёфасини тубдан ўзгартиришга, қишлоқ аҳлининг ҳаёт даражаси ва сифатини юксалтиришга хизмат қиладиган намунавий уй-жойлар қуриш дастури ишлаб чиқилиб, амалга оширишга киришилди ва бу жараён бугунги кунда янги босқичда давом эттирилмоқда.

Ўзбекистонда фуқаролик жамияти институтлари, биринчи навбатда, маҳалланинг давлат ва жамият бошқарувидаги нуфузини ошириш, уларнинг ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтириш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди.

Биринчи Президентимиз Ўзбекистон Республикасининг Қуролли Кучларини барпо этиш, унинг жанговар қудрати ва салоҳиятини оширишга бошчилик қилди.

Ўтган йиллар давомида Ўзбекистоннинг ташқи сиёсат соҳасидаги тамойиллари ҳам пухта ишлаб чиқилди. Узоқ ва яқин қўшни давлатлар, нуфузли халқаро ташкилотлар билан икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорлик алоқалари ўрнатилиб, Ўзбекистоннинг миллий манфаатларини ҳимоя қилиш тамойили бу муносабатларнинг асосини ташкил этди.

Ўзининг она халқи ва Ватанини, унинг бебаҳо миллий қадрият ва анъаналарини жону дилидан севган ва қадрлаган Ислом Абдуғаниевичнинг олиб борган изчил сиёсати туфайли қадимий ва шонли тарихимиз, бой маънавиятимиз, муқаддас динимиз қайта тиклангани юртдошларимиз ҳаётига янгича маъно-мазмун бағишлади. Шунинг учун ҳам халқимиз 25 йиллик истиқлол даврида эришилган барча ютуқ ва натижаларни ҳақли равишда Биринчи Президентимизнинг номи ва фаолияти билан узвий боғлиқ ҳолда кўради.

Ислом Каримов айниқса ёшларни ниҳоятда севар, «Бутун Ўзбекистон болалари – менинг фарзандларим» деган самимий сўзларни такрорлашдан чарчамас эди. Мамлакатимизнинг келажаги замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаган, истеъдодли, изланувчан ёшлар қўлида эканини чуқур англаган ҳолда, у киши ёшларимизнинг онгу тафаккури ва дунёқарашини юксалтиришга хизмат қиладиган, навқирон авлодни тарбиялаб вояга етказишнинг янги тизимини шакллантириш ҳамда ҳаётга жорий этиш ишларига бевосита раҳбарлик қилди.

Маълумки, Ислом Абдуғаниевич ўз раҳбарлик фаолиятининг мазмунига айланган «Биздан озод ва обод Ватан қолсин!» деган эзгу ғояни илгари сурган ва бу шиор барчамизнинг, бутун халқимизнинг қалбидан чуқур жой олган эди. Улуғ Йўлбошчимиз ана шу буюк вазифани ҳамма вақт, ҳар қандай вазиятда ҳам шараф билан адо этди, бу йўлда беқиёс куч-ғайрати ва ақл-заковатини, керак бўлганда ҳатто азиз жонини ҳам аямади.

Тақдир менга ана шундай буюк инсон билан 27 йил давомида биргаликда ишлашни насиб этганидан беҳад фахрланаман.

Бугунги кунда Биринчи Президентимизнинг ёрқин хотирасини абадийлаштириш бўйича Ватанимизда катта ишлар амалга оширилмоқда. У кишининг хотирасига бағишлаб Тошкент, Самарқанд ва Қарши шаҳарларида ҳайкаллар ўрнатилди. Самарқанд шаҳрида бунёд этилган муаззам мақбара мажмуаси қутлуғ зиёратгоҳга айланди. 2 сентябрь санаси мамлакатимизда Биринчи Президентимизни хотирлаш куни сифатида нишонланмоқда.

Олий ўқув юртларимизда иқтидорли талабалар у кишининг номидаги давлат стипендияси билан тақдирланмоқда.

Айни пайтда Тошкент давлат техника университети, Асака шаҳридаги автомобиль   заводи, Фарғона шаҳридаги Санъат саройи, Тошкент халқаро аэропорти ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги марказий кўчаларга Ислом Каримов номи берилди.

Шу борада 2016 йилда ташкил этилган Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фонди томонидан бир қатор эътиборга лойиқ ишлар амалга оширилаётганини таъкидлаш лозим.

Биринчи Президентимиз кўп йиллар фаолият кўрсатган Тошкент шаҳридаги Оқсарой қароргоҳида ташкил этилган Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси улуғ Йўлбошчимизнинг мустақилликни қўлга киритиш, миллий давлатчиликни ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссасини, унинг серқирра ҳаёти ва сиёсий-ижтимоий фаолиятини чуқур ўрганиш ва тарғиб этиш сингари муҳим вазифалар билан шуғулланмоқда.

Кенг жамоатчилик эътиборига тақдим этилаётган мазкур китоб-альбом айни шундай эзгу мақсадга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Ушбу муҳташам нашрга Ислом Абдуғаниевич билан замондош бўлиб яшаган, биргаликда фаолият кўрсатган дунёнинг атоқли давлат ва сиёсат арбоблари, халқаро ташкилотларнинг раҳбарлари, чет эллик таниқли илм-фан, маданият ва бизнес олами намояндаларининг, шунингдек, мамлакатимиз жамоатчилиги вакилларининг фикрлари жамланган бўлиб, уларни умумий ва ягона бир хулоса бирлаштириб туради: Ислом Каримов бутун онгли ҳаёти ва фаолиятини ўз халқи ва Ватанига садоқат билан хизмат қилишга бағишлаган буюк шахс эди.

Ислом ака «Бу ҳаёт, бу умр Амударё сувидек тез ва шиддат билан ўтиб кетади, лекин инсоннинг эзгу ишлари, эзгу хотираси боқий яшайди» деган чуқур мазмунли сўзларни тез-тез такрорлар эди. Бугун улуғ Юртбошимизнинг босиб ўтган ибратли ҳаёт йўли, амалга оширган хайрли ишларига назар ташлар эканмиз, бу фикрлар аввало у кишининг ўзига тўла дахлдор эканини яна бир бор чуқур ҳис этамиз. Ва шундай буюк инсон билан замондош бўлиб яшаганимиз билан фахрланамиз.

Айни вақтда Биринчи Президентимиз бошлаган улкан ишларни изчил давом эттириш ва янги босқичга кўтариш учун бор куч-ғайратимиз, билим ва тажрибамизни сафарбар этиш – барчамизнинг, бутун Ўзбекистон халқининг муқаддас ва шарафли бурчидир.

ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ