Эрталаб сўнгги йўлга кузатиш маросими дейишди. Тун бўйи ухлаёлмадим. Ислом Каримовнинг қазо қилганига ишонолмасдим. Шундай одам дунёдан ўтадими, қоядай буюк инсон-а… Мустақиллигимизнинг бунёдкори, халқимизнинг отаси… Кўз кўриб, қулоқ эшитмаган улуғвор ишларни амалга ошириб ҳадя қилган инсон-а! Ақл бовар қилмайди.

Эрталаб қизим «Мен ҳам бораман», деб туриб олди. Йиғлайвериб кўзлари шишиб кетган эди.

– Ҳовлидаги гуллардан бир даста териб ол, – дедим. Машинани қиздира бошладим. Қизим бир қучоқ райҳон келтирди. Мен ҳайрон бўлдим.

– Мана, ҳовлимизда Ҳиндистон гуллари, Ҳолландия, Испания, Сурия гуллари. Жуда чиройли гуллар. Шулардан кўркам гулдаста ясасанг бўларди.

Очилиб ётганини қара, – дедим.

– Ислом ота райҳонни яхши кўрар эди. Буни ўзингиз айтгансиз. Яхши кўрган гуллари йўлларига поёндоз бўлсин, – деди қизим Дилафрўз.

Президентимизни сўнгги йўлга кузатиш учун минглаб одам йиғилган экан. Тобут ортилган кортеж яқинлашган сари одамлар уввос солиб йиғлар, фарёд товушлари денгиз тўлқинидай ёпирилиб келарди. Кортеж яқинлашган сари қизим райҳон гулларини бирма-бир ташлай бошлади:

– Ота, мана сиз яхши кўрган райҳон гуллари. Райҳон жаннат гули дейишади. Илоҳо, жойингиз жаннатдан бўлсин. Райҳони наим боғчаларида роҳат-фароғатда ҳаёт кечиринг, ота, – деярди қизим.

Энди ўзимни тўхтата олмадим. Ичимдан ҳирқираган ўкирик келиб, кўзимдан потирлаб ёш чиқа бошлади. «Алвидо, Юртбошим! Алвидо! Алвидо!»

МУҲАММАД ИСМОИЛ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир