1993 йил 31 август. Бир пайтлар Туркистонни қонга ботириб забт этган ёвуз Кауфман, кейин эса совет даври «доҳийлари»нинг важоҳатли ҳайкаллари қўр тўкиб турган, Тошкентнинг қоқ юрагида жойлашган собиқ Инқилоб хиёбонида Соҳибқирон Амир Темур ҳайкалининг очилиш маросимида Биринчи Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов сермазмун, жўшқин нутқ сўзлади.

Шу куни эрталаб у кишининг ҳузурида ушбу масала бўйича йиғилиш бўлган эди. Йиғилишда Ислом Абдуғаниевич: «Амир Темур шахсияти ва фаолиятини ҳар томонлама ўрганиш, буюк аждодимизга нисбатан тарихий ҳақиқатни қарор топтириш, унинг хотирасини абадийлаштириш бизга бугун нима учун керак?» деган саволни ўртага қўйиб, ўзи унга бундай жавоб берган эди:

«биринчидан, Соҳибқироннинг улуғвор сиймоси бизга миллатни миллат, давлатни давлат қилиш учун;

иккинчидан, миллатни бирлаштириш, миллий ғурур, миллий онгни юксалтириш учун;

учинчидан, фарзандларимизни, ўсиб келаётган ёш авлодни ана шундай улуғ боболаримизга муносиб, улар каби фидойи ва ватанпарвар инсонлар этиб тарбиялаш учун;

тўртинчидан, буюк давлат қуриш учун;

бешинчидан, жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин олиш учун керак.

Соҳибқирон Амир Темурнинг ўлмас исмини тиклаш, беназир шахсиятини абадийлаштириш, қадр-қимматини жойига қўйиш йўлидаги тарихий ишлар нафақат бугунги кун, айни пайтда, келгуси авлодларимизнинг маънавий камолотини ҳам кўзлаб амалга оширилмоқда».

Орадан кўп йиллар ўтди. Лекин мен Мустақиллик байрами арафасида бўлиб ўтган ўша йиғилишни, азиз ва донишманд устозимиз Ислом Абдуғаниевичнинг тарих ва буюк шахсларни англаш ҳақида берган сабоқларини унутилмас хотира сифатида ҳамон қалбимда сақлайман.

ХАЙРИДДИН СУЛТОНОВ,

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси