Собиқ иттифоқ даври. Иттифоқ халқ депутатларининг серғалва, сержанжал сессияси. Ит эгасини танимайди. Не машаққатлар билан сўз олиб, минбарга чиққан депутат у ёқда турсин, сессияни бошқараётган раиснинг гапига ҳам қулоқ соладиган одам йўқ. Кремлнинг муаззам залини тўлдирган беш мингга яқин депутат баробар бақириб-чақиради, депсинади, нотиқлар тугул, раисга ҳам гап қайтариб, ҳақорат қилиш даражасига бориб етишади…
Бир сафар сессияни бошқараётган Озарбайжоннинг ўша пайтдаги биринчи котибини ҳатто раислик курсисидан ҳайдаб туширишларига оз қолди.
Шўрлик раис қарайдики, бебош зални жиловлаш қийин. Шунда у депсиниб, айюҳаннос солаётган депутатларга: «Мени раисликдан озод этинглар!» дея илтижо қилди.
Ўша куними ёки эртасигами, мажлисни бошқариш навбати Ислом Абдуғаниевичга етиб келди. Биз – ўзбекистонлик депутатлар: «Нима бўлар экан?» — деб юракларимизни ҳовучлаб ўтирибмиз. Зал одатдагидай беписанд, шовқин-сурон кўтара бошлади. Шундан кейин нима бўлди денг? Ҳеч кутилмаган бир мўъжиза юз берди.
Ислом Абдуғаниевич қаттиқ норози бўлиб пича сукут сақладилар, сўнг фавқулодда бир журъат ва қатъият билан залга мурожаат қилдилар:
– Шу бугунгача, – дедилар у киши, – мен депутат деганда бир-бирини ҳурмат қиладиган, бир-бирини тинглай оладиган юксак маданиятли кишиларни кўз олдимга келтирар эдим… Бу — нима деган гап? Биз киммиз ўзи? Халқ ишонч билдирган унинг вакилларимизми ё кўчадан келган оломонмизми? Раис сифатида қатъий талаб қиламан: кимда-ким сўз олган нотиқнинг гапини эшитишни истамаса, марҳамат, залдан чиқиб кетсин!
Кутилмаган бир шиддат ва қатьият билан айтилган бу гапдан кейин оддий депутат тугул, ҳатто, Бош котибни ҳам писанд қилмайдиган зал, афтидан, ҳангу манг бўлиб, сув қуйгандай жимиб қолди. Ва бу осойиш токи Ислом Абдуғаниевич раислик ваколатини топширгунча давом этди. Кейин у
киши чиройли бир ҳазил-мутойиба аралаш танаффус эълон қилдилар.
Депутатлар ғалағовур билан ўринларидан туришди, ора-сира: «Нима бўлди, ўзи, бу одам бизни сеҳрлаб қўйдими?» — деган ҳайратомуз шивиршивирлар ҳам улоққа чалинди. Танаффус пайтида Кремлнинг улкан фойесида айланиб юрган эдим, рўпарамдан Чингиз Айтматов чиқиб қолди, у мени қўлтиғимдан олиб, бир четга бошлади.
– Ўйламай-нетмай: «Фарғона фожиасига бир товоқ қулупнай сабаб» дегани учун аввалги раҳбарларингни мазах килиб юрганлар… бугун ҳайратга тушдилар-ку!
ОДИЛ ЁҚУБОВ,
Ўзбекистон халқ ёзувчиси, 1998 йил