Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов билан илк бор 1990 йилда учрашганман. Икки қардош халқ ўртасида кутилмаганда нифоқ пайдо бўлиши, қон тўкилишига мен бефарқ қараб тура олмадим…

Ўша куниёқ Чкалов номидаги аэродромдан бир гуруҳ ўртоқлар билан ҳарбий самолётда учиб кетдим. Тошкентга қўнишимиз ҳамон мен Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг раиси Одил Ёқубов билан телефонда боғландим. Учрашдик. Аэропортнинг ўзида шошилинч кенгаш ўтказдик. Вазият кундай равшан эди: икки қардош халқ бир-бирининг ёқасига ёпишиб туришарди. Қарама-қаршиликни қандай қилиб бартараф этиш мумкин? Кутилмаганда аланга олиб кетган низони қай йўсин тўхтатиб бўлади? Бизни ана шундай саволлар қийнар эди. Ҳар бир соатда янги хабар етиб келар, юракларимиз ўртаниб, амалий ҳаракатга шошилар эдик.

Тез орада менинг келганимдан хабар топган Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов аэропортга етиб келди. Ҳар доимгидек муайян бир масалага бутун диққат-эътиборини жамлаган, ҳаракатчан, ғайратли эди. Яккама-якка, самимий суҳбатлашдик… Каримов билан гапимиз бир жойдан чиқди.

У менинг фикр-мулоҳазаларимни батамом қўллаб-қувватлади ва самолёт зинапоясига қадар кузатиб қўйди.

Қадимдан қон-қардош бўлган икки халқ ўртасида пайдо бўлган нифоқни бартараф этиш борасида ўшанда Ислом Каримов улкан давлат арбобига муносиб бўлган ақл-идрок, донолик намунасини кўрсатди.

ЧИНГИЗ АЙТМАТОВ,

Қирғизистон халқ ёзувчиси, «Дўстлик» ордени соҳиби